“Ўрта Чирчиқ ГЭСлар каскади” УК таркибидаги Ғазалкент ГЭС

02.12.2020

Сўнгги йилларда мамлакатимизда энергетика тармоғининг муҳим ва ажралмас қисми ҳисобланган гидроэнергетика соҳасини жадал ривожлантириш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни изчил ошириш, экологик жиҳатдан тоза ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш, бу борада, замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш, жорий ишлаб турган гидроэлектр станцияларни модернизациялаш, илғор хорижий тажрибани изчил ўзлаштиришни ҳисобга олган ҳолда, сув ресурсларини самарали бошқариш ҳамда шу асосда саноат корхоналари ва аҳолининг электр энергияга бўлган эҳтиёжини қондиришга катта эътибор қаратилмоқда. ёзади uzgidro.uz.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 майдаги “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамиятини ташкил этиш тўғрисида”ги Фармони билан мамлакатимизда электр энергиясини ишлаб чиқариш тартибини мувофиқлаштириш, гидроэлектр станцияларнинг асбоб-ускуналари ва иншоотларидан кўп йиллик хавфсиз фойдаланиш стратегиясини амалга ошириш борасида қатор чора-тадбирлар белгилаб олинди. Бу борада, тизимли ва изчил фаолият амалга оширилмоқда.

Маълумки, Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани Ғазалкент қўрғонидаги Намуна маҳалласида Ғазалкент ГЭС қурилган бўлиб, у Ўрта Чирчиқ ГЭСлар каскади таркибидаги учинчи йирик гидроэлектр станция ҳисобланади.

ГЭС-28 (Ғазалкент ГЭС) характеристикаси:

  • ГЭС қурилиши 1976 йилда бошланган;
  • Ишга туширилган вақти – 1981-1982 йй.;
  • Станциянинг ўрнатилган қуввати 120 МВт;
  • Гидроагрегатлар сони – 3 та;
  • Гидроагрегатлар айланма-парракли, иш ғилдираги – 5 м;
  • Ҳар бир гидроагрегатнинг қуввати 40 МВт, жами қуввати 120 МВт.

ГЭСга “Сызрантяжмаш” заводининг ПЛ-587-а/500 турбинаси, “Электросила” заводининг СВ-808/130-44 турдаги генераторлари ўрнатилган.

1-гидроагрегат 1980 йилда, 2-, 3-гидроагрегатлар эса 1981 йилда ишга туширилган.

ГЭСнинг йиллик ўртача электр энергия ишлаб чиқариш қуввати 420 млн. кВт.соат га тенг.

Ҳисоб-китоб асосида босим меъёри – 25 м.

Турбиналари айланма-парракли, вертикал ўрнатилган. ГЭСдаги генераторлар сони 3 та бўлиб, маркаси СВ 808/130-44-УХЛ4. ГЭС иншоотлари таркибига тўғон киради. Унинг баландлиги 35 м. Ўнг томондан 485 м, сўл томондан 177 м. ОРУ – очиқ тақсимловчи қурилма – 110 кВ.

ГЭС ишга туширилганидан сўнг унинг гидроагрегатлари бир неча бор таъмирланган. Хусусан, 1-гидроагрегат 6 маротаба, 2-гидроагрегат 7 маротаба,

3-гидроагрегат 7 маротаба таъмирдан ўтказилган.

Таъкидлаш жоизки, соҳа мутахассисларининг жонкуярлиги, фидойилиги ҳамда самарали меҳнатлари натижасида юртимизнинг гидроэнергетика салоҳияти янада юксалмоқда.

Гидроэнергетика соҳасининг тараққиёти мамлакатимизда электр энергияси ишлаб чиқариш қувватларини ошириш билан бирга, янги ГЭСлар қурилаётган, модернизация қилинаётган гидротехник иншоотлар жойлашган ҳудудлар аҳолисининг турмуш фаровонлигини ошишига, ишлаб чиқариш субъектларининг электр қувватлари билан таъминланишига, том маънода, халқимиз фаровонлигини ортишига мустаҳкам замин яратади.