Ўта кучланишлардан ҳимоя қилувчи қурилмаларни эксплуатация қилишда техник талаблар

02.12.2020

1. Ушбу Қоидалар истеъмолчиларга тегишли бўлган 220 кВ гача кучланишли ўзгарувчан ток электр қурилмаларини ўта кучланишлардан ҳимоя қилувчи барча қурилмаларга тааллуқлидир, ёзади uzgidro.uz.

Ҳимоя қурилмалари амалдаги ЭҚТҚ ва ўта кучланишдан ҳимоя қилиш бўйича раҳбарий ҳужжатлар талабларини қондириши шарт.

2. Истеъмолчиларнинг бино ва иншоотлари жавобгарлик даражасидан келиб чиқиб, яшиндан ҳимоя қилувчи тегишли қурилмалар билан таъминланади.

Яшиннинг тўғридан-тўғри уришидан ҳимоя ўзакли ёки троссли яшин қайтаргичлар билан амалга оширилган бўлиши мумкин.

Яшиндан ҳимоя қилувчи қурилмаларга, шунингдек, ерга уланган металл том ва металлдан бўлмаган томга ташланган металл тўр ҳам киради.

3. Алоҳида ўрнатилган яшин қайтиргичлар ёки уларни ушлаб турувчи конструкциялар сифатида тутун қувурлар ва иншоотлардан фойдаланувчи корхоналар, ушбу яшин қайтиргичлар ҳимоя қиладиган зоналар чизмасига эга бўлиши шарт.

Реконструкция қилинганда ва қурилиш ишлари бажарилганда ҳимоя зоналарини аниқлаштириш зарур.

4. ОТҚ конструкцияларига, алоҳида турган ўзакли яшин қайтаргичларга, прожектор мачталарига, тутун қувурларига ва градирняларга 1000 В гача кучланишли ҲЛ симларини (ёритувчи, телефон ва шунга ўхшаш) осиш ва ушбу тармоқларни мазкур иншоотларга олиб келиш ман этилади.

Кўрсатилган тармоқлар-кабель тармоқлари бўлиши шарт.

5. Корхоналарда қуйидаги тартибга солинган маълумотлар сақланиши шарт:

ҳимоя оралиқларида вентилли ва қувурли разрядлагичларнинг ўрнатилиши ҳақида (разрядлагич турлари, ҳимоя қилинаётган ускуналаргача масофа), шунингдек, қувурли (найсимон) разрядлагичдан тармоқ ажратгичлар ва вентилли разрядлагичларгача бўлган масофалар ҳақида;

яшиндан ҳимоя қилиш воситалари ўрнатилган таянчлар ерга улагичларининг, шу жумладан тросларнинг қаршилиги ҳақида;

электр узатиш тармоқларининг подстанцияларга яқинлашишида тупроқнинг қаршилиги ҳақида;

электр узатиш тармоқларининг бошқа электр узатиш, алоқа ва автоблокировка тармоқлари билан кесишиши, ҲЛдан шохобланишлар, тармоқдаги кабель участкалари ва бошқа изоляцияси заиф бўлган жойлар ҳақида.

6. Барча кучланишдаги вентилли разрядлагичлар доимо уланган бўлиши шарт.

ОТТда қишки мавсумда (ёки унинг алоҳидаги ойларида) довулли шамоллар бўладиган, музлайдиган, ҳарорат кескин ўзгарадиган ва интенсив ифлосланадиган туманларда фақат яшиндан ҳимоя қилиш учун мўлжалланган вентилли зарядсизлагичларни ўчириб қўйишга рухсат берилади. Автотрансформаторлардаги вентилли разрядлагичларни ўчириб қўйиш мумкинлиги ишлаб чиқарувчи завод билан келишилади.

Барча кучланишли ҲЛда қувурли разрядлагичлар ва ҳимоя оралиқларининг учқун оралиқларини қишки даврда узайтирмасдан қолдиришга ижозат берилади.

7. Вентилли ва қувурли разрядлагичларнинг Электр ускуналарни СҚ ва Мга мувофиқ синовлари ўтказилади.

8. Подстанцияларда ўта кучланишдан ҳимоя қилиш воситалари қуйидагиларда кўрикдан ўтказилиши шарт:

доимий навбатчи ходимлари бўлган қурилмаларда, навбатдаги кўрик вақтида, шунингдек, чиқиб кетувчи ҲЛнинг релели ҳимояси ишлаб кетишини келтириб чиқарган ҳар бир момақалдироқдан кейин;

доимий навбатчи ходимлари бўлмаган қурилмаларда – барча ускуналарни кўрикдан ўтказишда.

9. ҲЛда ўрнатилган қувурли разрядлагичлар ва ҳимоя оралиқлари кўриклари ердан туриб кўрик ўтказувчи томонидан қуйидаги ҳолларда ўтказилади:

ҲЛни ҳар бир навбатдаги кўрикдан ўтказишда;

момақалдироқдан кейин ҲЛ ўчганда ёки АҚУ қурилмаси ишлаганда, агар изоляция бузилишига (ерга туташишга) шубҳа бўлса.

10. Подстанцияга киришда ўрнатилган қувурли разрядлагичларни навбатчи ходим асосий ускуналар билан биргаликда даврий, шунингдек, подстанция жойлашган ҳудудда ёки ундан чиқиб кетган электр узатиш тармоғи участкаларида содир бўлган момақалдироқдан кейин кўрикдан ўтказади.

11. Момақалдироқ мавсумидан олдин кучланиши 1000 В гача бўлган ҲЛнинг темир-бетон таянчларига ўрнатилган изоляторлар илгаклари ва штирларини, шунингдек, ушбу таянчлар арматураларини ерга уланишлари созлиги танлов асосида (электр ҳўжалигига жавобгар хоҳишига кўра) текширилиши керак. Ноль сим бўлган тақдирда, ушбу элементларни ноль симга уланганлиги ҳам текширилади.

12. Ёй сўндирувчи реакторлар билан ерга туташишнинг сиғим токини компенсациялаш, сиғим токи қуйидаги қийматлардан ортганда қўлланилади:

Тармоқнинг номинал кучланиши, кВ       6     10     15-20     35

Ерга туташувнинг сиғим токи, А               30    20       15       10

Тармоқ кучланиши 6-35 кВ бўлган ҲЛдаги темир-бетон ва металл таянчларда, ерга туташишнинг сиғим токи 10 А дан юқори бўлганда ёй сўндирувчи аппаратлар қўлланилади.

Тармоқларда ерга туташувнинг сиғим токини компенсация қилиш учун токни автоматик ёки қўл билан ростловчи ерга уланадиган ёй сўндирувчи реакторлар қўлланилиши керак.

Сиғим токларини, ёй сўндирувчи реактор токларини, ерга туташув токларини ва нейтрал силжиш кучланишларини ўлчашлар, ёй сўндирувчи реакторларни эксплуатацияга туширишда ва тармоқ режимлари анчагина ўзгарганда, лекин камида 6 йилда 1 марта ўтказилиши керак.

13. Сиғим токини компенсациялаб ишлаётган тормоқларда кучланиш носимметриялиги фаза кучланишининг 0,75 фоизидан ортмаслиги шарт.

Тармоқда ерга туташиш бўлмаганда, нейтралнинг силжиш кучланиши фаза кучланишидан 15 фоиздан юқори бўлмаслигига узоқ муддат, 30 фоиздан юқори бўлмаслигига 1 соат давомида рухсат берилади.

Кучланиш носимметриялигини пасайтириш ва нейтрални кўрсатилган қийматларгача силжитиш ерга нисбатан фазалар сиғимини ростлаш билан амалга оширилади (фаза симларини ўзаро жойлашишини ўзгартириш, шунингдек, тармоқлар фазалари орасида юқори частотали алоқа конденсаторларини тақсимлаш билан).

Тармоққа юқори частотали алоқа конденсаторлари ва айланувчи машиналарнинг яшиндан ҳимоя қилиш конденсаторлари уланганда, ерга нисбатан фазалар сиғимларининг носимметриясига йўл қўйилиши мумкинлиги текширилиши шарт.

Нейтралда кўрсатилган қийматлардан ортиқ кучланиш силжишига олиб келиши мумкин бўлган электр узатувчи ҳаво ва кабель тармоқларини фазалар бўйича улаш ва ўчириш ман қилинади.

14. Айни вақтда тармоқда ерга уланиш бўлса, ёй сўндирувчи аппаратларни ўчириб қўйишга ижозат берилмайди.

15. Сиғим токини компенсацияси билан ишлаётган тармоқдан таъминланаётган корхона, энергетика тизимининг тезкор ходимларини истеъмолчи тармоғи схемасидаги ўзгаришлар ҳақида ёй сўндирувчи реакторларни қайта қуриш (созлаш) учун ўз вақтида огоҳлантириши шарт.

16. Трансформаторлар ва автотрансформаторларнинг ишлатилмаётган паст (ўрта) кучланиш чўлғамлари юлдузга ёки учбурчакка уланиши ва ўта кучланишдан ҳимоя қилинган бўлиши шарт.

17. Ҳар йили момақалдироқ мавсумидан олдин, яшиндан ҳимоя қилиш схемаларини уларнинг қурилмаларида ва электр занжири схемаларидаги бўлиб ўтган ёки бўладиган ўзгаришларни ҳисобга олиб, улар яшиндан ҳимоя қилиш воситаларини жойлаштиришнинг намунавий схемаларига мос келиши учун текшириш зарур.

18. Кучланиши 110-220 кВ бўлган подстанцияларда нейтрални ўзидан-ўзи силжишини ёки хавфли феррорезонанс жараёнларнинг олдини олиш учун тезкор ҳаракатлар НКФ-110 ва НКФ-220 кучланиш трансформаторлари бўлган юкланмаган шиналар тизимига уланаётган трансформатор нейтралини ерга улаш билан бошланиши керак.

19. Кучланиши 110-220 кВ бўлган тармоқларда трансформаторларнинг 110-220 кВ кучланишли чўлғамлари нейтралини ердан ажратиш, шунингдек, релели ҳимоя ва автоматиканинг ҳаракатини танлаш шундай амалга оширилиши керакки, бунда турли тезкор ва автоматик ўчиришларда нейтраллари ерга уланган трансформаторларсиз тармоқ участкалари ажралиб қолмаслиги керак.